Главная / Маданият / Болалар учун шеърлар тӯплами

Болалар учун шеърлар тӯплами

“Соябон” (болалар учун шеърлар.)

Кўрдингми, бола пақир,
Сенга айтгандим, ахир!

Соябонни олгин деб,
Халтамизга солгин деб,

Энди ивиймиз андак,
Бўлар иш бўлди, тентак.

Албатта, тинса ёмғир,
Уйга бориб, барибир,

Ойимга узр айтиб,
Бундай қилмаймиз қайтиб.

Тартибли бўлсак доим,
Юзга кирарлар ойим!…

“Совун кӯпикларидан – ҳаво шарига”(болалар учун шеърлар.)

Совун кўпиклари — учар ҳавода,
Тезроқ тарқалади — эсса шабода.

Рангин айтмайсизми, қамашар кўзлар,
Уни тарифлашга, ожиздир сўзлар.

Шоирона сўзлар, мен учун оғир,
Энди тўрт баҳорни кўрдим мен ахир.

Шу сабаб сўзлайман, оддийроқ тилда,
Улғайсам, ҳаммани қолдирай йўлда.

Ҳаво шари билан — самога учиб,
Осмонга жойлашиб — булутни қучиб,

Болалик чоғимда — учган кўпиклар,
Улғайганим билан мени табриклар.

Селфига тушаман — тариф айтаман,
Болалик чоғимга — бир зум қайтаман!….

 “Сен боласан уйкуда”(болалар учун шеърлар.)

Жажжи Фарҳод отасига қарабди,
Сўнг хӯрсиниб, ундан аста сўрабди:

-«Ҳар кун менга кечки пайт эртак айтиб,
Ухлатасиз, ахир бу — қандай тартиб?

Эрта тонгда эртак айтса бўлмасми?,
Ё бошқа вақт, эртак эсга келмасми?».

Ота кулиб, ўғлига деди шундай:
-«Эрта тонгда эртак айтаман қандай!?,

Ўғлим, тонгда ертак айтиш беҳуда,
Ахир тонгда, сен бўласан — уйқуда!»…

“Йиглашар унсиз”(болалар учун шеърлар)

Набирам қизиқ жуда.
Сўраб қолар гоҳида:

-«Катталар бизга ўхшаб,
Нега йиғламас қақшаб?».

-«Катталар кҳам бир одам,
Базан йиғлар — улар ҳам.

Йиғлашар четга ўтиб,
Дардин ичига ютиб.

Улар йиғлашар — унсиз,
Сизлар кўрмайсиз — эсиз!»…

“Ошпаз”(болалар учун шеърлар)

Норни босиб ҳаяжон,
Деди: — «Ая. аяжон,

Гуриллатиб оловни,
Дамлаб қўйдим паловни.

Сузиб қўйдим товоққа,
Ўтиринглар емоққа!».

Қарасалар паловмас,
Кўрганлар палов демас,

Қоп-қора кўмоч эди,
Нор ўзига «Қоч» деди.

Бояқиш қочди «Ура»,
Изза бўлгандан кўра!…

“Айён булган сир”(болалар учун шеър)

Тандир олдида,
Енгча турарди.
Ўша атрофда,
Қарға юрарди.

Чўқий бошлади,
Қарға енгчани.
Ўтириб уйда,
Кузатдим буни.

Мен ҳайрон эдим,
Бу ҳаракатдан.
«Нима йер» дедим,
Қарға енгчадан.

Қарға кетганда,
Тандирга бордим.
Енгчада шунда,
Қатиқни кўрдим.

Энди мен учун,
Аён бўлди сир.
Қурут ейдику,
Қарғалар ахир!…

“Камалак”(шеър)

Эшитардим камалак сўзин,
Кўрмагандим «яқинроқ» ўзин.

Ёмғир қуйди бир куни роса,
Ёға-ёға тинганда еса,

Пайдо бўлиб кўкда камалак,
Гўзаллашди кўзимга фалак.

Диққат билан бундай қарасам,
Етти хил ранг унда мужассам.

Қуёш ботди. Сўнди камалак,
Гўзаллигин йўқотди фалак.

Шунда борлиқ тиз чўкиб тунга,
Бутун олам бўйсунди унга.

Якун ясаб тотли туйғуга,
Камалак ҳам кетди уйқуга!…».

“Танбал”(болалар учун шеър)

Дарс ўтар ўқитувчи,
Тингламас фақат Йўлчи.

Хаёли учиб юрар,
Ҳар томон кўчиб юрар.

Келажакни ўйламас,
Фойдали гап сўйламас.

Етмас вақтнинг қадрига,
Қўл силтайди барига.

Шу тарзда эса давом,
Танбал бўлиб батамом,

Қизармасми уятдан,
Ортда қолиб ҳаётдан!…

“Лайлак ила қурбака”(болалар учун шеър)

Кўлнинг суви жуда соф,
Қамишга тўла атроф.

Кўлда сузар лайлаклар,
Кўл ичра — қурбақалар.

Лайлаклардан биттаси,
Кичигими, каттаси,

Ҳийла йўлини топди,
Сувда ҳар томон чопди.

Қурбақани чақирди,
Ешитсин деб бақирди:

Деди: «Дўстим қурбақа,
Сувдан чиққин бу ёққа.

Олиб келдим ўйинчоқ,
У бизга зўр овунчоқ.

Сувдан чиқсанг иккимиз,
Тўйиб- тўйиб ўйнаймиз.

Сўзимга ишон фақат,
Гапларим чин ҳақиқат!».

Бу гапга тушиб лаққа,
Сувдан чиқди қурбақа.

Деди: «Қани ўйинчоқ,
Қани ўша овунчоқ?».

-«Уни қўйдим қирғоққа,
Қарагин ўша ёққа!».

-«Қизиқмисан, лайлакжон,
Нега сўзлайсан ёлғон?

Ҳеч нарса йўқ қирғоқда!»
-«Ўзинг яхшилаб боқ-да,

Э-ҳа, қурбақа, узр,
Бўйинг пакана ахир!

Тумшуғимга чиқ ўртоқ,
Чиқиб, қирғоқ томон боқ.

Ўйинчоқни кўрарсан,
Ишонч ҳосил қиларсан!».

Ишониб бу гапига,
Чиқибди тумшуғига.

Умидвор ўйинчоққа,
Қаради у қирғоққа.

Деди: «Алдабсан мени,
Ўша ўйинчоқ қани?».

Бу гапдан лайлак кулди:
-«Кўнглимдаги иш бўлди,

Тушиб қолдинг тузоққа,
Боролмайсан узоққа.

Сенда йўқ ортиқ гапим,
Сени ейиш мақсадим!».

Қурбақа тез ўйлади,
«Режа» қилиб, сўйлади:

«Биласанми, лайлаквой,
Энди ҳолимизга вой!

Ҳов қирғоқда овчилар,
Бизни мўлжалга олар!».

Жон ширинда лайлакка,
Кўтарилди фалакка.

Қурбақа шу заҳоти,
Ўзини сувга отди.

Қурбақа хурсанд бўлиб,
Душманидан қутулиб,

Сузиб, ўйнарди сувда,
Лайлак еса ҳавода,

Билгач унинг ҳийласин,
Билмасди не қилишин.

Қурбақа дер: «Хўш, қалай,
Ҳийла бўлади бундай!

Нега хафа бўласан,
Экканингни ўрасан.

Ҳийлангга қилдим ҳийла,
Тошингни тер, бор ўйна!».

Қурбақа айтиб шуни,
Сувга урди ўзини.

Мўлтирар лайлак ҳайрон,
Шу билан эртак тамом!…

Бола ва эртак (болалар учун шеър)

Қор, изғирин ташқари,
Гувиллаб ёнар печка.
Қуёш ботиб ғарб сари,
Вақт бориб қолган кечга.

Чўпчак айтар болага,
Кампир печка олдида.
Бир пайт бола кўзига,
Уйқу келиб қолди-да,

Бувиси кўтарди-да,
Кўрпасига ўради.
Албатта у тушида,
Эртакларни кўради.

Эртак ёлғон бўлса ҳам,
Берилиб эшитарлар,
Болалар улғайса ҳам,
Уни қўмсаб яшарлар!

«Адҳамнинг иккиси»… (болалар учун шеър)

Мактабдан келар Адҳам,
Ерга эгиб бошини.
Ранжиб, бошин қилиб хам,
Чимирганди қошини.

Сабаби бугун дарсдан,
«Икки» баҳо олганди.
Синфдошлар ичида,
Хижолатда қолганди.

Мақсад бўлса «Беш» баҳо,
Берилмасин ўйинга.
Бугунги ишни асло,
Қўймасин ҳеч кейинга.

Шундай қилса албатта,
«Беш» баҳога эришар.
Акс ҳолда кўп марта,
Хижолатдан «керишар»!…

Копток ва ойна… (болалар учун шеър)

Болакай копток тепиб,
Ўйинга хўп берилди.
Бир пайт коптоги учиб,
Деразага урилди.

Синибди чил-чил бўлиб,
Деразанинг бир кўзи.
Болажон қаттиқ қўрқиб,
Оқариб кетди юзи.

Бундай иш учун чиндан,
Жазо беришар «боплаб».
Болакай чўчиб шундан,
Қолди жуфтакни ростлаб.

Ҳар нарсага аслида,
Бериб бўлмас доим чап.
Шунинг учун базида,
Бир кесинг, етти ўлчаб!…

Чувалчанг… (болалар учун шеър)

Деди кичкина Ориф:
-«Мен илонни ушладим,
Теша билан бир уриб,
Тўртга бўлиб ташладим».

Ҳамма унинг гапидан,
Бўлиб қолди ҳангу-манг.
Ўша илон аслида,
Эди оддий чувалчанг!…

Гапнинг мағзи… (шеър)

Каримжон катталарни,
Гапига бўлди ҳайрон.
Гапнинг мағзи бўларми,
Бу дунёда ҳеч қачон?

Ойисига деди у:
-«Гапнинг мағзи бормикан?
Ўзи қандай эди у,
Тами шундай зўрмикан?».

Ойиси дейди кулиб:
-«Тушунмайсан бу гапга,
Ўзинг оласан билиб,
Борганингда мактабга!»…

Мен ҳам қўрқаман… (болалар учун шеър)

Илондир менинг исмим,
Кўринишим қаҳрли.
Ваҳима тўла жисмим,
Мен кўпинча, заҳарли.

Мендан қўрқади инсон,
Бундан хурсанд бўламан.
Мен ҳам қўрқаман, ишон,
Қўрққанимдан ўламан!…

Тошбақа (болалар учун шеър)

Мени тошбақа дерлар,
Базилар тутиб ерлар.

Еяр овқатим текин,
Лекин юраман секин.

Доим ортда қоламан,
Чунки чарчаб толаман.

Чидамлиман сабрда,
Яшайман қир-адирда.

Косам ўхшайди тошга,
(Масални олинг эсга.

Нишин уролмай чаён,
Қолгани сизга аён)

Шиллиққуртдан ўзаман,
Сувда яхши сузаман.

Мендан ўрнак олманглар,
«Кулги» бўлиб қолманглар.

Ухламайман баҳор, ёз,
Бор хислатим шу холос!…

Қуёнча (болалар учун шеър)

Жажжигина қуёнча,
Югура олмас унча.

Шунда ҳам у тиришиб,
Югуришга киришиб,

Дикир-дикир сакрайди,
Панжалари титрайди.

Ҳаммадан ўзмоқ бўлар,
Барибир ортда қолар.

Лекин қорни очганда,
Танда дармон қочганда,

Еб олар сабзи, шолғом,
Майли, бўлса ҳамки ҳом.

Кеч кирган пайтда қуёш,
Тоғ ортига қўяр бош.

Шундан сўнг қуёнча ҳам,
Уйқуни кўрар «баҳам»!…

Чумчуқ болалари (болалар учун шеър)

Печканинг карнайига,
Чумчуқ уя қурибди.
Мўраласам ичига,
Болалари турибди.

Ёқсак агар печкани,
Уларнинг умри тугар.
Шундай қолдирмай буни,
Ўйлай бошладим тадбир.

Сўнг уларни авайлаб,
Карнай ичидан олдим.
Хавфсизроқ жойга қўйиб,
Тагига хашак солдим.

Уларга овқат бериб,
Қарай оламан ўзим.
Бирдан шуларни ўйлаб,
Ёришиб кетди юзим!…

Бурч (болалар учун шеър)

Бувижоним уйлари,
Сувоғи сал кўчганди.
Сал-пал оқланганлари,
Тамомила ўчганди.

Дўстим билан иккимиз,
Уйни суваб, оқладик.
Айниқса, сувоқни биз,
Жуда-жуда бопладик.

Бизнинг бажарган ишдан,
Бувим хурсанд едилар.
Иккимизга меҳрдан,
«Барака топ» дедилар.

Бувимнинг мақтовидан,
Иккимиз сал қизардик.
Фарзанд бурчин юракдан,
Қойил қилиб бажардик.

Тўрткўз (болалар учун шеър)

Менинг тўрткўз итим бор,
Ақлли у жуда ҳам.
Дайдиб юрмайди бекор,
Бундай итлар камдан-кам.

Уйчасининг ёнида,
Доим сергак туради.
Нотанишни кўрганда,
Сигнал бериб ҳуради.

«Ит яқин дўст одамга»,
Асло буни унутманг.
Озор бериб уларга,
Дилозор йўлин тутманг!…

Қор (болалар учун шеър)

Атроф қор, қиш фаслида,
Мурод ағанар қорда.
Юмшоқ қорнинг устида,
Думалаш жуда зўрда.

Лекин баҳор келганда,
Қорлар эриб кетади.
Буғ бўлиб парланганда,
Ерга сингиб кетади.

Бу табиат қонуни,
Бунга нима ҳам дерсиз.
Кўриб қуёш нурини,
Эриб кетади эсиз!…

Қулоғинг нега қора (болалар учун шеър)

-«Укажон менга қара,
Қулоғинг нега қора?
Ишонмасанг агарда,
Ойнага кириб қара!».

-«Сиз ухлаб ётган пайтда,
Мен кўмир ташигандим.
Қулоғим қичишганда,
Яхшилаб, қашигандим.

Қўлимнинг қорасидан,
Қулоққа сал юқибди.
Демак меҳнат қилибман,
Қорайса, нима бўпти?»…

Қиш завқи (болалар учун шеър)

Тиниқ сув шилдир-шилдир,
Муз тагидан оққанда.
Чана учгим келадир,
Қиш фасли қор ёққанда.

Қор устидан чаналар,
Ғиз-ғиз учар ўқ каби.
Чунки ўйнаб болалар,
Қизиб кетар чўғ каби.

Базан қор бўрон ўйнаб,
Қувлашиб қор отамиз.
Қорқиз, қорбобо ясаб,
Қиш завқини тотамиз!…

Кутилмаган гап (болалар учун шеър)

Холиқвойнинг укасин,
Томоғи оғриб қолди.
Лекин унинг ойиси,
Холиқни койиб қолди:

-«Ҳамма айб ҳам ўзингда,
Уканга муз бергансан.
Уни муз ейишида,
Ўзинг «бош-қош» бўлгансан!».

Холиқ дер:-«Бўлса касал,
Ахир айби ўзида.
Тушунтирдим батафсил,
Барибир муз эди-да!».

Укаси деди шу чоқ,
-«Мени деманг билағон,
Нега фелингиз чатоқ,
Ҳамма сўзингиз ёлғон!».

Кутилмаган бу гапдан,
Холиқ турарди қотиб.
Ахир ойни дафатан,
Этакда бўлмас ёпиб!…

Уйғотади ким? (болалар учун шеър)

Ҳар кун хўроз уйқудан,
Уйғотади қу-қу-лаб.
Тургим келмас ўрнимдан,
Кўзларимни уқалаб.

Сўнгра кўзимни юмсам,
Уйқум келмайди сира.
Майли, ўрнимдан турсам,
Бекор ётгандан кўра.

Шундай дея жойимдан,
Туриб кетаман шартта.
Хўрозни ўзин унда,
Уйғотади ким эрта?…

“Богча болалар учун шерлар” “Болалар учун инглизча шеърлар” “Болаларга багишланган шерлар”“Болалар учун русча шерлар” “Болалар учун китоб ҳакида шерлар” “Баҳор ҳакида шерлар болалар учун” “Ватан ҳакида шерлар болалар учун” “Болалар учун шерлар”

Ҳаққимизда Sohib

Яна маълумот

big_228032

Творогли печене. Пишириқлар тайёрлаш ўзбек тилида

Ресепт очен вкусной домашней випечки с творожной начинкой. Сочни – ето такие откритие булочки с …