Главная / Иқтисодиёт / ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕҲНАТ КОДЕКСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ МЕҲНАТ КОДЕКСИ

mehnat-kodeks1-модда. Меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатлар
Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.*
* Бундан буён матнда «меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар» деб юритилади.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодекс, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик ва ижроия органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлардан иборатдир.
Мулкчиликнинг барча шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотларда*, шунингдек айрим фуқаролар ихтиёрида меҳнат шартномаси (контракт)** бўйича ишлаётган жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.
* Бундан буён матнда «корхоналар» деб юритилади.
** Бундан буён матнда «меҳнат шартномаси» деб юритилади.
2-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифалари
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашади.
3-модда. Меҳнат кодексининг амал қилиш доираси
Меҳнат кодекси Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.
4-модда. Меҳнатга оид муносабатларни қонунлар орқали ва шартномалар асосида тартибга солишнинг ўзаро боғлиқлиги
Ходимлар учун меҳнат ҳуқуқларининг ва кафолатларининг энг паст даражаси қонунлар билан белгилаб қўйилади.
Қонунлардагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.
Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг шартлари, агар қонунда бошқа ҳолат кўрсатилмаган бўлса, бир тарафлама ўзгартирилиши мумкин эмас. Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинмаган масалалар меҳнат тўғрисидаги шартнома тарафларининг келишуви асосида, ўзаро келишилмаган тақдирда эса, — меҳнат низоларини кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда ҳал қилинади.
Хусусан, мазкур Кодекснинг 89, 95-моддалари ва 156-моддасининг 2-бандида назарда тутилган ҳолларда иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириш ҳуқуқига эга.
Қаранг: Мазкур Кодекснинг XV боби ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси II бўлимининг 2-кичик бўлими («Даъво ишларини юритиш»).
5-модда. Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномалар шартларининг ҳақиқий эмаслиги
Меҳнат ҳақидаги келишувлар ва шартномаларнинг ходимлар аҳволини меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилганига қараганда ёмонлаштирадиган шартлари ҳақиқий эмас.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган «Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан тавсиялари»нинг VI бўлими («Меҳнат шартномаси (контракт) шартларининг ҳақиқий эмаслиги»).
6-модда. Меҳнатга оид муносабатларда камситишнинг тақиқланиши
Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддаси.
Меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмайди.
Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Қаранг: мазкур Кодекснинг 188-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021 ва 1022-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси II бўлимининг 2-кичик бўлими («Даъво ишларини юритиш»), Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли «Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори.
7-модда. Мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши
Мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 37-моддасининг иккинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни 2-моддасининг учинчи қисми.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасида меҳнатга мажбурлаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.
Қуйидаги ишлар, яъни:
ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонуни 32-моддасининг тўртинчи қисми, 37-моддаси ва 40-моддасининг бешинчи қисми.
фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 16, 24 ва 25-моддалари.
суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 42, 88, 155-моддалари ва 13-боби («Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар меҳнати»).
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Хусусан, қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 346-моддасининг тўритинчи—олтинчи қисмлари.
8-модда. Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланади, бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар томонидан амалга оширилади.
Қаранг: мазкур Кодекснинг 9 ва 260-моддалари.
9-модда. Меҳнат соҳасидаги давлат бошқаруви. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади.
(9-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 январдаги ЎРҚ-456-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2018 й., 03/18/456/0512-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 апрелдаги 117-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги тўғрисида»ги низом.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни қуйидагилар амалга оширади:
1) шунга махсус вакил қилинган давлат органлари ва уларнинг инспекциялари;
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 19 февралдаги 29-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бошқармаси тўғрисида»ги низом ва «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси тўғрисида»ги низом.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2) касаба уюшмалари.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни.
(9-модданинг иккинчи қисми 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 7 декабрдаги 320-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 1-сон, 20-модда)
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини текширишни қонунда белгиланган тартибда амалга оширадилар.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонуни.
10-модда. Халқаро шартномалар, конвенциялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нисбати
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ёки Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциясида ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ёки бошқа норматив ҳужжатларга нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки конвенциянинг қоидалари қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг ёки Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган конвенциясининг қоидалари меҳнатга оид муносабатлар бевосита қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.
11-модда. Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлмаган шахсларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади.
12-модда. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг чет эл корхоналарида қўлланилиши
Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган корхоналарда Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади.
13-модда. Ушбу Кодексда назарда тутилган муддатларни ҳисоблаш
Ушбу Кодекс меҳнат ҳуқуқлари ва бурчларининг вужудга келиши ёки бекор бўлиши билан боғлайдиган муддатнинг ўтиши унинг бошланиши белгиланган календарь куннинг эртасидан эътиборан бошланади.
Йиллар, ойлар, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддатлар сўнгги йилнинг, ойнинг, ҳафтанинг тегишли кунида тугайди. Календарь бўйича ҳисобланадиган ҳафталар ёки кунлар муддатига ишланмайдиган кунлар ҳам қўшилади.
Башарти муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

 

Ҳаққимизда Barno Mir

Яна маълумот

maxresdefault

Уйлар проекти – чиройли уйлар дизайнлари

Ўзбекона замонавий уйлар дизайнлари. Ўзбек халқи борки уйим жойим дея, ҳаракат қилиб, териб, топиб тўплаб …