Главная / Жаҳон / Ажоибот / Келинларни ота уйига қишлаб келиш учун юборишади:

Келинларни ота уйига қишлаб келиш учун юборишади:

КҲДПнинг Зангиота туман кенгаши раиси Ўзбекистонда “свет”сиз яшаётган маҳалла йўқлигини айтди. Бироқ шу туманда қарийб икки ойдан бери электрсиз яшаб келаётган ўнлаб оилалар бор.

“Свет” ўчиши, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих эди” – Сенат раиси Танзила Норбоеванинг бу гаплари ўтган ҳафта анча муҳокамаларни келтириб чиқарганди.

Шу кунларда эса интернетда айни ўша йиғилишда олинган яна битта видео тарқалди. Унда Халқ демократик партияси Зангиота тумани кенгаши раиси Моҳира Акромова Сенат раисига мурожаат қиларкан, бугунги кунда “свет”сиз яшаётган ҳудуд йўқлигини айтади.

“Свет” ҳамма жойда бор. Ҳозир “свет”сиз жойнинг ўзи йўқ. Ҳатто пойтахтда ҳам профилактика сабаб “свет” ўчиб туради. Лекин доимий равишда электрсиз қолаётган бирорта маҳалла йўқ Ўзбекистонда.

Танзила Камоловна, мен буни халқ вакили, партия кенгаши раиси ва аёл сифатида айтаман. Блогерлар инсоннинг меҳнатини озгина бўлса-да ҳурмат қилсин”, – дейди КҲДП туман кенгаши раиси.

Афтидан, депутат аёл узоқ-узоқ қишлоқлар эмас, айнан ўзи сайланган тумандаги Боғзор маҳалласи аёллари қарийб икки ойдирки зулматда яшаётганидан бехабар.

Кун.уз Тошкентнинг биқинида – Зангиота туманидаги Боғзор маҳалласида яшовчи аёлнинг таҳририятга мурожаатини тақдим этади. Хулоса чиқариш эса ҳар кимнинг ўзига ҳавола.

***

— Қишлоқда яшайдиган аёллар қиш келиши билан электр энергияси йўқлигидан қийналади. Қиш деганда кўз олдимизга чиройли табиат манзараси, қор ялтираши ёки ёмғир томчилаши эмас, биринчи навбатда зимистонда ўтирган фарзандларимиз келади. Худди уларнинг келажаги ҳам шу қоронғилик каби бўлиб кўриниши хавотир уйғотади одамда.

Тошкент вилояти Зангиота тумани Боғзор маҳалласида яшаймиз. Ҳали қиш келмай туриб, икки ойдан бери электрсиз ўтирибмиз. Ундан аввал газ масаласи оғир эди: газ босими жуда пастлигидан кунлар сал совиши билан мураккаб шароитда қолардик. Ҳозир ҳам об-ҳавога қараб шунақа ҳолат бўлади. Бу ҳам етмагандай “свет”сиз яшаш оилавий муносабатларда ҳам ўзининг салбий тасирини кўрсатяпти…

Пойтахтнинг ёнгинасида яшаймиз, бир қадам нарида шаҳар ҳудудига кирувчи маҳаллаларда электр бор. Кўпчилик шаҳардан келин туширган оилалар мажбурликдан келинларини болалари билан ота уйларида “қишлаб” келиш учун юборади. Чунки ёш болалар билан бу шароитда яшаб бўлмайди. Уйларимиз совуқлигидан болалар тинимсиз касал бўлади. Ён қўшним ҳозир тўрт боласи билан онасиникига кетди – қўлида чақалоғи бор эди. Яна бир қўшним уч фарзанди билан бир неча ҳафтадан бери отасиникида яшайди.

Фарзандларимизнинг дарс тайёрлашига имконият йўқ. Кўпчилик ота-оналар кун бўйи ишда бўлишади ва болаларимизга дарс тайёрлатиш, ўқишларини назорат қилиш учун кечки пайт вақт ажратишга тўғри келади. Буни еса биз шам ёруғида бажаряпмиз.

Ҳаммамиз битта хонада яшашга мажбурмиз, чунки хоналарни иситиш катта муаммо. Болаларимиз учун бемалол телевизор кўриш, китоб ўқиш орзуга айланяпти. Она сифатида фарзандларимни чўмилтиришнинг ҳам имконини қила олмаяпман. Бир неча марта қизимни ҳўл сочи билан ётқизиб, шамоллатиб қўйиб роса қийналдик. Музлаткичлар ишламаганидан болаларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлариям кузатилди.

Сувимиз ҳам, овқатимиз ҳам электр билан боғлиқ, қиш кунларида газ босими жуда ҳам пасайиб кетади. Ўзим ҳам азбаройи қийналиб кетганимдан болаларимни олиб ота-онамникида яшаб туриш фикрига боряпман. Қиш тугагунча бунақа вазиятга чидашни ўйласам, яшашни истамай қоламан.

Бунақа оғир шароитда яшашни бошидан ўтказмаган одам тушуниши қийин. Ҳаттоки оилада жанжаллар кўпайиши каби муаммолар келиб чиқяпти. Иш профилактика инспекторларининг аралашишигача бориб етади базида. Чунки аёллар, оналар бундай шароитда яшашдан чарчашган.

Ёнимиздаги маҳалладан электр тортиб келиш мумкин, лекин бунинг учун тегишли ташкилотлардан рухсат олиш, расмийлаштириш учун кўп вақт талаб қилинади. Шунинг учун ҳамма шунга чидашга, ҳали келмаган қиш тезроқ тугашини кутишга мажбур бўляпти.

Эски трансформатор ишдан чиққан, электр узатиш тизими эскирган. Маҳалла аҳли ўз ёнимиздан трансформатор, симёғоч, симларни сотиб олдик. Туманимиздаги “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси ходимлари билан шартнома тузиб пул тўлаганимиздан кейин симёғоч ва симларни келиб ўрнатишга ёрдам беришди. Трансформаторни маҳалламиздаги эркаклар, ёши катта инсонлар бошчилигида ўзимиз ўрнатдик. Шундан кейин ҳужжатлаштириш ишларида ёрдам сўраб туман ҳокимига бир неча маротаба мурожаат қилдик. Вилоят ҳокимлигига ҳам телефон орқали мурожаат қилганимизда бизга амалий ёрдам ўрнига қандайдир телефон номерлар беришади. Ўша номерларга қўнғироқ қилинса, бу билан биз эмас, бошқа ташкилот шуғулланади деб яна бошқа жойга йўналтиришади.

Аҳоли ташаббуси билан ўз ҳисобимиздан олинган трансформатор, симёғоч, симлар ҳам номалум сабабларга кўра тармоққа улаб берилмаяпти. Ойлаб светсиз ўтирганимиздаям ҳол сўрайдиган масул топилмади.

Гулмира Тошниёзова ёзиб олди.

Ҳаққимизда Barno Mir

Яна маълумот

%d0%b1%d0%b5%d0%b7-%d0%bd%d0%b0%d0%b7%d0%b2%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d1%8f

Жума куни кайси куш уча олмайди?

Пайшанбе куни улган куш жума куни уча олмайди.